Шаҳодат Улуғ. Жайҳун эпкинлари - роман. 3-қисм
Ёзувчининг эътиборингизга ҳавола этаётганимиз – Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи романи адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинмоқда.
Азиз муштарий, жозибали услубда битилган ушбу асарни Сизга ҳам соғиндик, уни мутолаа қилиш баробарида Сиз ҳам юртимизнинг шавкатли ўтмишига яна бир карра ошно бўлинг.
30. Жамолиддин Фарруҳ
Жалолиддин оромхонадан чиқиб, саломхонага ўтди. Муаззам кошона поёнида икки букилиб турган ташдор:
- Хайрли тонглар бўлсин, шаҳаншоҳим! – дея уни қарши олди.
- Илло хайрли келсин.
Атроф сокин, кошонанинг ичи тобора ёришиб бораётир эди. Ташдор енгил қадам олиб, меҳробда ҳали ҳам мил-мил зиё таратаётган шамни пуфлаб ўчирди. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган султон тахтга бориб ўтирди, сўнг нигоҳини токчаларга бурди. Қуббасимон ўйилган токчаларда Ироқу Ажам ҳамда Эрондан келтирилган нақшинкор кўзалар ҳашам учун териб қўйилган эди.
Ташдор қолган шамларни ҳам бир-бир ўчириб чиққач, Султон қаршисида қуллиқда бош эгди.
Сарой аёнлари орасида султонга чексиз садоқати билан танилган қанғли аслли хос навкарлардан ҳисобланган Жамолиддин Фарруҳ Жалолиддин билан кўп сафарларда бирга бўлган, жуъратли ва уддабурро эди. Жамолиддин ташдор ҳукмдорнинг энг яқин мулозимларидан бўлиб, унга ўнлаб ғуломлар ажратилган эди. Султоннинг ички ҳаётига боғлиқ барча масалаларни фақат у ечар эди.
Жамолиддин Фаррух ортига тисарилди.
Султон саломхонадан емакхонага ўтмоқ учун ўрнидан қўзғалди, шунда мулозими ҳали ҳам кошона поёнида тек қотиб турганига кўзи тушди.
- Жамолиддин Фаррух, бу не суврат?! – сўради у.
Муҳим бир нимани гапирмоқ илинжида, бироқ баён этмоқ учун куч топа билмай қийналаётган ташдорни кўрган Султон унга қараб амр этди:
- Жамолиддин, санга айтдим, не ҳол?! Яқинлаш. Не ҳижолатчилик бўлса, андишаланмай дарҳол англат.
- Шаҳаншоҳим, Сизни бир нимадан огоҳ этмоқ ниятидаман, аммо буни қай йўсинда англатмоқни билмай турибман.
- Андишаланмай барчасини дарҳол англат! - фармон берди яна Жалолиддин.
- Шаҳаншоҳим, Сиз онҳазратларига суиқасд уюштирмоқ пайидалар!
- Ҳа. Алар сизни заҳарламоқ пайидалар.
Султон юриб келиб унинг ёнида тўхтади.
- Буни исбот этувчи далилинг борму?!
- Содиқ қулингиз Мавлонқули буни ўз қулоғи ила эшитиб, кўзлари ила кўрмиш. – Ташдор ютуниб, яна давом қилди.- Ул Чоғир Ғарибонга оғу ва халтача тўла тилла тутганини кўрмиш, Султоним. Агар рухсат этсангиз, бул мудҳиш воқеадин ҳожиб ул-кабир - Хонберди Сарухонни воқиф этсам.
Ҳожиб ул-кабир саройдаги маросимлар ва таомланиш масалаларига масъул шахс эди.
- Сокин, - деди унга уқтириб Султон, - ҳозирча бу ҳолдан кимса хабар топмасин!
- Тушундим, султоним. Илло барчасини англадим, буюринг, шаҳаншоҳим.
- Нонушта олиб кирсинлар.- Амр этди Хоразмшоҳ.
Жамолиддин ташқарига чиқиб:
- Оғалар! Шаҳаншоҳимиз нонушта истайдилар!- деди.
31. Оғули нонушта
Султон ҳузурига нонушта учун турфа егуликлар олиб кирган жориялар қўли қўлига тегмай, зумда шоҳона дастурхон ҳозирладилар. Дастурхон тузалгач, улар султон қаршисида қуллиқда тизилдилар.
- Cизлар бўшсизлар! - Амр этди шаҳаншоҳ жорияларига. Улар бирин-кетин чиқиб кетгач, Хоразмшоҳ ташдорига қараб:
- Қулоғим Сизда, шаҳаншоҳ!
Хоразмшоҳ дастурхон четига бориб ўтирди. У таомларга разм солиб чиққач, қўйнидан жимитдек шиша чиқариб, ташдорга узатди.
Жамолиддин шишадаги суюқликни таомга қуйди. Бироқ таомда бирор ўзгариш кўрмади. Сўнг бир томчидан яна бошқа таомларга ҳам қуйиб чиқди. Ниҳоят, каклик қовурдоғи зумда рангини ўзгартириб, аввал кўкиш, сўнг қора тусга кирди ва бирдан бужмайиб қолди. Оғу каклик қовурмаси ҳамда коса тўла узум шарбатига қўшилгани шундай аён бўлди.
- Бу ишга бош қўшганлар дарҳол аниқлансин! Аммо эсингда бўлсин, ташдор, ҳозирча кимса бундан хабар топмасин!
Жамолиддин чиқиб кетди. У эшик ёнида юрагини ҳовучлаб турган Мавлонқулининг ёнига етиб келди-да, қулоғига эниб, нималарнидир шипшиди.
Мавлонқули енгил нафас олиб:
- Шукурлар бўлсин! – дея дуо этди.
Жамолиддин ҳам мамнунлигини яширмади ва сўнгра кимса эшитмаслиги учун унга тағин нималарнидир уқтириб тайинлади.
- Уқдим! - деди Мавлонқули унга жавобан.
32. Хиёнаткорлар
Мавлонқули кенг ва узун йўлак бўйлаб тўғрига қараб йўл солди. Кошона йўлагининг поёнига етиб келгач, бироз тин олиб, сўнг сўлга бурилди. Пича юргач, асосий йўлакнинг поёнида кўкрагини кериб, бир ёнига шамшир, бир ёнига ханжар таққан Чоғирга кўзи тушди. Мавлонқули хотиржам қиёфада бирор сўз қотмасдан унинг ёнидан ўтиб кетди.
Кошонада яна бир йўлак бор; бу йўлакда фақат ички хос навкарлар юради. Ўша йўлак уни емак ҳозирланадиган бўлманинг эшик оғаси Ғарибон ёнига етаклади.
- Манга қара, Ғарибон, санга бир таклифим бордир. - дея пичирлади Мавлонқули.
- Бу кун ўтгач, ўрнингга тунги қўриқчи келгач, маълум бўшсан. Бир жойга бормайликми?
- Англадим, лекин бир пасга. - Мавлонқули шундай деган кўйи уни дафъатан деворга қадади ва бўғзига чангалини солиб бўға бошлади. Ғарибоннинг овози буткул чиқмай қолди.
- Пис илон, сасингни чиқарма! Йўқса тил тортмай, жаҳаннамга равона бўлурсан!
- Уқдим, аммо қўйиб юбор!
- Қўйиб юборишни сандан сўрамасмен! Овозингни чиқарма, дедим!
- Ҳали барчасини англаганингча йўқ!
- Томоғимни бўшат. - Бўғиқ овоз чиқарди у.
Билаги йўғон Мавлонқули унинг жиғилдонини бўшатмай тайинлади.
- Илон, пис дедим санга. Айтганимни бажарасан!
Мавлонқули уни сўнгги бор яна қистовга олиб бўғди.
- Менинг кетимдан сасингни чиқармай юрасан.
- Англадим. Илло барчасини англадим.
Улар ним қоронғу йўлакдан ўтиб, мармар тошлар билан кўтарилган яширин пиллапояга етишди. Икковлон тепага кўтарилди. Ниҳоят емак тайёрланадиган бўлма ортда қолиб, султон Жалолиддин жойлашган кошонага яширин йўллар орқали етиб келишди. Бир ёнига қилич, бир ёнига ханжар осган хос навкарлар ортда қолиб, кўзланган ошёна ёнида тўхташди. Эшик ёнида муҳим саналган икки хос навкар бор эди. Уларнинг бири қиличини қинидан чиқариб:
- Омондир, оғам?- дея cўроққа тутди.
Мавлонқули ёнида турган Ғарибонни имо-ишорада кўрсатиб деди:
- Ташдор Жамоллиддин Фаррух амрларига кўра.
Мавлонқули хиёнаткорни судраб бўлма ичига итарди. Ғарибон тепки зарбидан қақшаб ингранди, сўнг нақ Жамолиддиннинг оёқлари тагида ўрмалаб қолди.
Ташдор унга қараб ўшқирди.
Ғарибон жонсарак ҳолда ўрнидан туриб, олазарак алфозда Жамолиддинга қаради, бироқ ўзига нафрат билан қадалган кўзлар зарбига дуч келиб, хиёнаткор нигоҳларини олиб қочди. Жон ташвиши қутқу солиб, у қалтираган кўйи ортига тисарилди.
Ғарибон ҳоли хароб кимса сингари дағ-дағ титраганча Жамолиддин Фаррухга яқин келди. Қаҳр ва ғазаб ичида турган ташдор икки қўлини унинг бўғзига олиб борди. Бўғилиб, жон талвасасида қолган Ғарибон хириллай бошлади.
Аммо гапи охирлай деганда овози ўчди.
Ташдор унинг томоғини бироз бўшатди ва зарда билан:
- Сан кимсан шаҳаншоҳнинг жонига қасд этгани, харомзода?!
- Буни ман истамагандим.
- Сан истамаган бўлсанг, унда таомга ким оғу қўшди?
У талмовсираб бир нималар деб минғиллади, бироқ унинг гапи тушуниб бўлмас мужмал эди.
- Санинг ҳаддинггами тушди бул ифлос юмуш?
- Ким ёрдам этди санга?
- Бошқасидан хабарим йўқ!
Жамолиддин Фаррух унинг бўғзидан қўлини олиб:
- Оғалар! –дея чақирди қаҳрини ичига сиғдира олмай.
Эшик нарида шай турган оғалар шошиб ичкарига киришди.
- Келтиринг шу ерга Чоғир деганларини!
Оғалар қай йўсинда шитоб ичида кирган бўлса, яна ўша яшин тезлигида ташқарига чиқиб кетишди. Фурсат ўтиб улар Чоғирни судраб келтиришди. Ғазаб отида экани бутун важоҳатидан билиниб турган Жамолиддин унга ўшқирди:
Чоғир икки қўли қуллиқда эгилиб, аро йўлда тўхтади.
- Яқинлаш деяпман,- тағин амр этди унга Жамолиддин.
Бу гал Чоғир чорасиз алфозда Жамолиддин ёнига келди.
- Сўйладикларига кўра,- ташдор ижирғаниб, нигоҳлари билан Ғарибонни кўрсатиб гапирди, - дедикларига кўра, Султон Жалолиддин онҳазратларининг таомига оғу қўшмоқни сан бурюмишсан?!
- Оғам, бул эътироф ёлғондур!
- Илло ёлғон эътирофдур!
- Ростингни сўйла, вале кўриб турибман, қоши-кўзинг айри ўйнаюр санинг.
- Ташдор оғам, инонинг, манинг бир қабоҳатим йўқдур!
Жамолиддин деворга таяниб турган Ғарибоннинг ёнида келди-да, кутилмаганда унинг юзига мушт туширди ва бўғзига чангал солди.
- Илло сўйладиклари ёлғондур!
- Дедикларингни исбот этувчи далилинг борму?
- Бор, бордур оғам!
- Дарҳол, ростингни англат унда. Йўқса тил тортмай адо бўлурсан.
- Ул манга заҳар билан бул олтин тўла халтачани тутиб, сўнг эътироф этмиш: “Бул заҳар билинтирмай таъсир қилажак, яъни истеъмолчи шул заҳоти ўлмагай, таомга ким қўшгани асло билинмагай, ойлар ўтиб таъсир этажак бул оғу”, дея мани инонтирмиш.
- Унинг сўйладиклари чиндир. Мен буни кўзларим ила кўрганман.- Ғарибоннинг айтганларини чеккада турган Мавлонқули тасдиқлади.
Ҳасрат ичида талмовсираган Чоғирнинг буткул дами ичига қайтиб кетган эди.
Жамолиддин қўлидаги халтачага ишора қилиб:
- Айтмабмидим, қоши-кўзинг айри ўйнаюр санинг деб, тағин сўйладиклари ёлғондур де? - дея ўшқирди унга.
Кўзига ўз ажали кўриниб, дами буткул ичига қайтиб кетган Ғарибон ўзининг ҳалокатига сабабчи бўларак ваҳмли ўйинга аралашганини дафъатан англаб етган каби дағ-дағ титрар эди.
- Хато этдим.- хириллаган товушда эътироф эта олди у.
Ташдор энди Чоғирни қийин-қистовга олишда давом этарди.
- Сенинг ҳаддинггами тушди шаҳаншоҳни заҳарламоқ?!
- Илло менда ихтиёр йўқдур.
- Надир вазият? Англат.
- Раҳм этинг, - илтижо ичида ялинди у. Кимга жон ширин эмас. Бироқ у билаги йўғон Жамолиддин Фаррух қўлида яна қистовга олинди.
- Сенинг жонингни қияман.
- Бир қошиқ қонимдан кечинг!
- Юрагингни қўпораман! Илло ўз валинеъматига хиёнат қилганнинг ҳоли харобдур.
- Бир қошиқ қонимдан кечинг, на бўлур! Ўла ўлгунча хизматингизда бўлгайман.-Ёлворди у талваса ичида.
- Сенинг жонинг азозил қўлидадир!
Шу гапларни айтган Жамолиддин уни тағин икки қўли билан беомон бўғди. Ҳолсиз титрай-тирай бўшашиб қолган Чоғир буткул жон таслим қилгулик ҳолга келди.
- Англат! Сени ким ёллади? Айтмасанг жонингни олурман!
Жамолиддин уни баттар сиқувга олди.
- Англатаман, илло англатаман!
- Сен кимсан, султоннинг жонига қасд қилгани?
- Қасд этган мен эмас, Бука Паҳлавон.
Жамолиддин сўнгги шиддатли зарби билан уни беомон бўғди. Хоин жон таслим этди.
- Оғалар!- дея чақирди ташдор ва нигоҳлари билан деворга суяниб сўнг шилқиллаб қулаган Чоғирни кўрсатиб деди: - Олиб кетинг шуни кўзимдан!
Жон таслим этган хоин ер қучоқлаб пажмурда ётарди.
Ошёна тўрида, ички яширин эшик тирқишидан буларни кузатиб турган султон Жалолиддин нарига қараб йўналди. Ичкаридан яна овоз эшитилди. Бу Ғарибоннинг “Раҳм этинг оғам, бир қошиқ қонимдан кечинг на бўлар, раҳм этинг!“ - дея талваса ичидаги илтижоси эди.
Султон Жалолиддин ошёнадан чиқди, сўнг кенг бўлма орқали кошонага ўтиб, тўрида жойлашган тахтга бориб чўкди.
- Сасингни чиқарма, сани юрагингни қўпориб, жонингни қийгум!- Ғарибонга қараб ўшқирган ташдорнинг овози султонинг қулоқлари остида муаллақ қотди.
Қора ва қуюқ булутлар булашиб, ложувард осмон юзига яна соя ташлади.
Қисқа фурсат ичида Манкбурни етмиш минг лашкар йиғиб, уларни Гурганж ҳимоясига ҳозирлаган, аммо сўнгги Хоразмшоҳ фитна қурбонига айланмоғи хоинларнинг режасида бор эди. Суиқасд устига яна фитна қўзиган нокаслар ғимирлаб қолишганди. Бу фитна бошида хиёнаткор каслар - Бука Паҳлавон, Хумортакин ва Қутлуғхон турар эди.
Дорулсалтана сўнгги вориси Жалолиддин Манкбурнини шу тариқа маҳв этишни режалаган Хумортакин Жанд нойибининг оғабегиси Қутлуғхон ҳамкорлигида хиёнат кўчасига кирганди. Хумортакин Гурганжда уя қурган кўп сонли қипчоқий зодагонлар ва сарбозларига таяниб, Султон Жалолиддин билан шу тариқа рақобатга киришган эди.
Минг икки юз йигирма биринчи йилнинг айни қаҳратон қиши қиличини қайраб турарди. Энди Гурганжда қолиш чунон таҳликали эканини англаган султон алам ичида Хоразмни тарк этди.
Турконнинг иниси хиёнаткор Хумортакин ўзини Мовароуннаҳр султони деб эълон қилди.
33. Сукутга чўмган орол
Қаҳратон қишнинг бу галги найранги бошқача эди. Кимсасиз оролчада худди бахтиқаро Хоразмшоҳнинг ўзи сингари кунлардир, ойлардир қуёшнинг ҳам юзи кулмади. Ашур ада ороли музлаган ўлик сукут ичра тош қотган эди.
Ҳазор денгизида адашган бу етим оролча олислардан киши кўзига гўё сув бетида қалқиб турган тошбақа косаси каби кўринар эди. Оролчада тошдан бино қилинган қўрғон қад кўтарган. Ушбу мўъжаз қўрғон зимистону ўлик сукунат ичида гўё мусофирлари Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Жалойир Ўзлоққа ўхшаб, матлубу унут хотирасини мозийга - уммон бағрига кўмиб, мудҳиш ўйлар ичида мудраб ётарди.
Мана неча кундирки, қаҳратон қиш асов довуллари-ю, исёнкор дўллари билан оролчага ваҳм ва қутқу солади. Шарқдан эсган шамоллар эса дарбадар тўлқинларга туртки бўлиб, тиним билмай шовуллайди.
Туйқус яна довул бошланди. Кун пешинга қараб оғар маҳал бўрон тўхтаб, атроф сукутга чўмди, бироқ ҳавонинг авзойи ҳали ҳам бузуқ эди. Дайди шамол тағин қўзғалиб, кетидан тўлиб кетган булут ёмғирларини ёғдирди. Чақмоқ чақиб, момоқалдироқ гулдураги оламни тутди ва оролча яна зулмат ичида қолиб кетди. Уч кун тинимсиз ёққан ёмғирдан сўнг ҳориб қолган осмон оғир уҳ тортиб, тунги ором оғушига кетди. Шу тариқа тунга хотима ясалиб, яна тонг отган эди.
Нурли кунлар яна оролчани сўроқлаб келди. Баайни чошгоҳ маҳали хонанишин дамлардан безган Хоразмшоҳ қўрғон атрофида кезинди. Шунда аста чайқалган қуёш хаста-шикаста нурларини битталаб жўнатди. Бора-бора қуёш нурлари жилоланиб, атрофни илиқ ва хуш ёқувчи офтоби билан обдон сийлади.
Бу замин жаннат боғларининг кони эди аслида. Чаккаларига сусанбил чечаклари таққан қизлар булоқдан кўзаларига сув тўлдириб, ошёнлари томон йўналади. Осойишта ва уйғун бир пайтда туйқус борлиқни қиёмат қўптириб, ёғийлар бостириб кирди. Борлиқни жаҳаннам ўтида ёндирган ғанимлар чиндан ҳаддидан ошган эди.
Юрт харобага айланди, обод шаҳарларнинг эса кули кўкка совурилди. Аммо бу ўлкада ёғийлар оёғи етмаган бир ажойиб гўша бор эди. Бу мўъжаз маскан жаннат ҳилқатларига тўла эди. Малоиклар ўша гўшани чангалига маҳкам тутган кўйи олиб қочибди. Йўқса, бойлик ва гўзалликка ўч дарбадар ғанимлар замин гулларини узиб, атрофга ўт қўйиб, кулини кўкка совуриши тайин эди-да.
Фаришталар ақл бовар этмас юксакликлар сари йўналибди. Қуруқлигу уммонни қуйида қолдириб учаётган маҳал қайсидир фариштанинг қўлидан бир сиқим тупроқ сув юзасига тўкилибди. Мана энди жаннатнинг бир сиқим тупроғи уммон бетида барқ урибди. Кейин сув бетидаги бу мўъжизабахш оламни одамлар оролча деб атайдиган бўлишибди.
Хоразмшоҳ бу ажойиб ва сўлим, алалхусус, ёғийлар қиличидан омон қолган оролча ичида дарбадар кезинар экан, афсонада ўзига жудаям таниш бир манзарани илғай бошлади.
34. Ўзлоқнинг туҳфаси
Тўлқинлари муамбар таралиб, оролчанинг соҳилу сийнасига тиним билмай урилаётган бу зам-зама сув жилолари унга Жайҳун мавжларини эслатди. Бу ҳам таниш, ҳам дилига жуда яқин бир жило эди.
Хоразмшоҳ ортига - қўрғонга қараб йўналди. У ўзи жойлашган ошёна тўридаги токчадан удни олиб, яна тўлқинлар ҳузурига қайтди. Бу ажойиб чолғу мусофир Хоразмшоҳнинг қадрдон сирдошига айланиб улгурган, кўнгли Ҳазор денгизи каби тўлиб-тошган маҳаллар шоҳ удни чалиб овунар эди. Чолғу чиндан мунгли кунларига шаҳодату шоҳид бўлган ягона сирдоши эди.
Орадан қанча ойлар ўтди, ўшанда у қароли Жалойир Ўзлоқ билан шу сув бетидаги қуруқликда қўним топганди. Аммо ойлар ўтиб, уларнинг емак заҳираси бўшаб қолди. Шунда Жалойир қайиққа чиқди-да, эшкак эшиб, олислар томон йўналди. Чошгоҳда жўнаган қарол эртаси куни тушлик пайти Хоразмшоҳ ҳузурига емак жамғариб қайтганди.
У озуқалар орасида олмахон терисига ўралган бир нимани олиб, Хоразмшоҳга узатди. Бу уд дарахтидан ясалган бир чолғу эди. Ўзлоқ буни кечаги кун Қазвинлик савдогардан сотиб олганди.
Бир пайтлар Мовароуннаҳрда давру даврон сурган Хоразмшоҳ салтанат ташвишларидан безган кезларида албатта уд чалар эди. Ундан таралгучи куй ҳали ҳам Ўзлоқнинг ёдидан кўтарилгани йўқ, ҳали ҳамон қулоқлари остида муаллақ жаранглаб турарди.
Алоуддин Муҳаммаднинг вужудини ажиб илиқлик ўраб олди. Матлуби унут хотираси яна кўнгил даричасини оҳиста чертиб, қайта ҳожасини сўроқлаб келганди. Мана, орадан яна қанча ойлар ўтди.
Хоразмшоҳ чолғуни қўлида тутганча сувлари офтобнинг зариф нурларида жилоланаётган соҳил лабига келиб тўхтади. У чўнқайиб, ер тишлаб қолган одамнинг ҳолатини эслатувчи улкан ва қизғиш қоятош устига чиқди-да, сўнг чолғуни авайлаб кўксига босган кўйи ўрнашиб ўтирди.
Шоҳ чолғуни оҳиста силади. Шунда ҳашам бериб ясалган уд ўзидан ажиб бир ҳид таратди. Султон ҳузурланиб, қониб нафас олар экан, бармоқларини чолғунинг ҳийла катта косасига олиб борди, сўнг ўн икки дона қовурғасимон тахтачаларини эринмай санаб чиқди, улар орасида ўрнашиб қолган ғуборга кўзи тушди. Бу чолғунинг анчадан буён чалинмаганидан далолат эди.
Кўпдан унут бўлган бир куч, бир инжа оҳанг вужудига қайтаётганидан шоҳ мамнун бўлди. Бунда бетакрор бир мутаносиб уйғунлик бор эди: чолғу кўпдан чалинмаган, Хоразмшоҳ эса чиндан уд чалмоқни кўпдан соғинганди. Уднинг қовурғалари орасига чўккан ғуборни пуфлаб, сўнг енги билан артиб чиқди. Нафис торлар ичида “чертасанми” деган каби мезроб турарди. Хоразмшоҳ мезробни қўлига олди. Атроф ҳам сокин, ҳам осойишта; нилий осмон гумбази ҳам мусаффо, ҳам қуёш унга қараб жилва қиларди. Мана, Ҳазор денгизининг сувлари таралиб, тўлқинлари мавжланиб, Ашур ада оролчасига тиним билмай урилиб, сўнг ортига қайтмоқда. Ҳув нарида, тепаликда тошқўрғон савлат тўкиб турибди. Кўкда эса оқчорлоқлар бир лаҳза қанот қоқмай инжа куйга сомеъ бўлмоқда эди гўё.
35. Хоразмшоҳ ноласи
Оролча оралаб зариф бир куй, инжа бир садо оҳиста-аста таралиб, сўнг олисларга қараб юксалди. У чалган оҳанрабо куй бепоён баҳри Ҳазорнинг сўлим оролчасига жўнатилган бир сийлов эди.
Жалойир Ўзлоқ қўрғон девори оша пастга эниб қаради ва ажойиб манзарага кўзи тушди. Тепадан соҳил бўйи ва жимирлаган сув қуёш нурларида биллур шиша каби ярақлаб кўзини қамаштирди. Ана, денгиз сувлари таралиб-таралиб, мавжланиб-мавжланиб, Ашур ада оролчасини майин биллур тиллари билан силаб, алқаб ўтмоқда. Сув юзасидаги бу мўъжаз қуруқликда эса севикли ҳаёт ҳали ҳам давом этмоқда эди. Пастликда-чи? Пастликда эса муамбар тўлқинлари қуёшнинг зариф нурларида тобора жилоланаётган зилол сув жўшиб оқади. Улкан ҳарсанг тош устида ўрнашиб ўтирган Хоразмшоҳ чолғуга кўнгил қўйиб, берилиб чалади. Оҳанрабо куй ва ажойиб манзарага сомеъ бўлган Ўзлоқ тош деворга суяниб қолди. Жон томирига инжа оҳанг жилоси қуйилиб оқди. Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, Хоразмшоҳ турган мўъжаз оролча ҳам шу қадар осойишта эди бу дам. Ана, жуда олислардан елиб-шошиб келган майин ва дилтортар эпкинлар Хоразмшоҳ юзини силаб ўтмоқда. Мана, пойида сув ҳам куйга ҳамоҳанг жўр бўлиб, мавжланиб оқмоқда, қоятошни тиллари билан ялаб, сийпаб ўтаётир. Ана, неча кунлардан буён хомуш тортган қуёш яна кўкда чирой кўрсатиб, боз-қайта зариф нурларини жўнатаётир. Олисларда эса бир гала денгиз қушлари Хоразмшоҳ томон учиб келаётир.
Шоҳ эса ҳамон мароқ билан куй чалар эди. Ва, эҳтимол, ўзи чалаётган куйнинг оқимида ўзи-да оқар эди. Бунда барчаси уйғун эди: ҳам сув зилол, ҳам само беғубор, ҳам борлиқ ғоят фусункор. Оҳанрабо куй эса шаксиз бетакрор эди.
Ниҳоят Хоразмшоҳ тўлқинлар мавжига қараб, жарангли ва жозибали товушда куйлай бошлади: